Зумми учун!


Бугун туғилган куни эди. Эрталабдан СМС ёзиб, табрикламадим, Фейсбукда унинг “девор”ига ҳам табрик ёзмадим. Бир яхши совға билан уйига бориб табрикламоқчи бўлдим. Сюрприз қилмоқчи эдим. Қор ёғиб турганига қарамасдан, эрталаб Чорсу бозорига отландим.


Аваз ака (ишхонада бирга ишлаймиз) телефонда ҳазиллашиб кулди: “Ўзингизга қалпоқ олмайсизми?”. Чорсудан оппоқ шарф ва қора қўлқоп олиб, чиройли қилиб ўратдим. Шодон кайфиятда унинг уйи томон таксига миндим.

Уйига етгач, аввал телефон қилиб, уйғотмоқчи бўлдим (одатда бу пайтда ухлаётган бўларди). Кўтармади. Ҳалиям арази қолмади шекилли, туғилган кунида эркаланяпти, деб ўйладим. Ҳечқиси йўқ, ҳозир хурсанд бўлади, дедим-да, эшик қўнғироғини босдим. Бироз вақтдан кейин эшик очилди. Лекин мен ўзим кутган нигоҳни кўрмадим...

Ичкаридан кўзлари ёшга тўлиб у чиқиб келди. Аввалига тушунмадим. Кейинроқ минг xил хаёлга бордим. Лекин у бир сўз демасди. Деёлмасди. Тили айланмасди, оғзини икки қўли билан тўсиб олган, бўғзидан нимадир отилмоқчи бўлиб силкинарди. Шундагина тушуна бошладимки, жиддийроқ нимадир содир бўлган.

Охири: “Акам...” дея олди холос... Кейин шалвираб деворга суяниб қолди. У фақат йиғларди. Унсиз йиғларди. Мен не дейишни, нима қилишни билмай қотиб қолгандим.

Анча вақтдан кейин унинг акаси бугун эрталаб вафот этганини билдим (ичкаридаги дадаси айтди). Мен уларга, унга ҳамдардлик билдириб, кейинроқ келишимни айтиб, хонани тарк этдим. У фақат “Раҳмат” дея олди холос (совға учун бўлса керак).

Йўлда кетарканман, аслида нима бўлганини секин-аста тушуна бошладим. Кўзим ости ачишиб, кўзимга ёш думалади. Ахир бугун унинг туғилган куни-ку!!! 26 ёшга тўлган Зумрад (опа) бугун акасидан айрилди. Илоҳо, охиратлари обод бўлсин! Шундай оппоқ кунда дунёни тарк этдилар, боқий дунёда ҳам фақат нурга тўлиб юрсинлар!

Заҳириддин
18.12.2012

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!