ҲАҚИҚАТ АФСОНАГА, АФСОНА ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНГАНДА...


Ҳақиқат ҳақида

2010 йилда Бутунроссия жамият фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) томонидан “ХХ аср кумирлари” мавзусида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Юрий Гагариндан кейин иккинчи ўринни Владимир Висоцкий эгаллаган...



Бугун бир афсона ҳақида гаплашамиз. Уни ҳозирги ёшлар (яъни камина ҳам) унчалик яхши билмайди. У ҳақда оз-моз эшитган ва балки автобиографик фильмидан кейин озроқ маълумотга эга бўлганлар бордир. Лекин биздан ёши каттароқлар, ота-оналаримизу боболаримиз уни жуда яхши танийдилар. У — Владимир Семёнович Висоцкий!

Висоцкий совет даврининг машҳур шоири, қўшиқчиси, актёри, ёзувчисидир, шунингдек, давлат мукофоти соҳиби (1987 йил, ўлимидан кейин) ҳам ҳисобланади. У 1938 йил 25 январь куни Москва шаҳрида туғилган. Владимир Таганка драма ва комедия театри актёри бўлиб, у ўндан ортиқ ролларни ижро этган, чунончи, Ҳамлет (“Ҳамлет”, У.Шекспир), Галилей (“Галилей ҳаёти”, Б.Брехт), Лопахин (“Гилос боғи”, А.Чехов) роллари уни элга танитган. Қолаверса, “Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди” («Место встречиизменить нельзя»), “Кичик фожеалар” («Маленькиетрагедии»),Интервенция”, “Тайга хўжайини” («Хозяин тайги»), “Вертикаль”, “Икки дўстнинг хизмати” («Служили два товарища») каби фильмларда бош ролларни ижро этган.

Владимир Висоцкий

Владимир Висоцкий ўз шеърларига ўзи куй басталаб, шу куйларни 7 торли “рус” акустик гитарасида ўзи ижро этган инсон сифатида тарихда қолган.

Афсона ҳақида

Афсоналар ҳақиқатдан хабар берувчи ҳикоялардир, деганда Арасту ҳақ эди. Афсона афсонага айланиши учун унинг замирида қанчадир ҳақиқат ётади. Илло, ҳақиқатсиз афсона ҳақиқий эмасдир.

Энди “Висоцкий. Ҳаётлигинг учун раҳмат” («Высоцкий. Спасибо, что живой») фильми ҳақида маълумот бериб ўтсам. Пётр Буслов режиссёрлик қилган ушбу фильм сценарийсини Владимир Висоцкийнинг ўғли Никита Висоцкий ёзган.


Фильмдан лавҳалар:











Фильм воқеалари Москва, Тошкент ва асосан Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади. Бош ролларни Сергей Безруков (2та ролда — Висоцкий ва унинг ёрдамчиси Юра), Оксана Акиньшина (Висоцкийнинг ўртоғи), Иван Ургант (Висоцкийнинг дўсти ва ҳамкасби, Сева Кулагин) ижро этишган, шунингдек, Шуҳрат Эргашев, Карим Мирходиев, Фурқат Файзиев, Раъно Шодиева, Сайдулла Молдаханов, Толиб Мўминов, Фахриддин Шамсиматов, Меҳриддин Раҳматов ва яна бошқа ўзбек актёрлари фильмда ўзига яраша образларда намоён бўлишган.

Фильм ижодкорлари премьерадан кейин бир неча ой мобайнида бош роль ижрочисининг исм-фамилиясини сир сақлаган. Бу ҳолатни Никита Висоцкий шундай изоҳлайди: “У ерда ҳеч ким бўлмагани, фақатгина Висоцкий образи қолгани учун ҳам биз актёрнинг фамилиясини ошкор қилмаймиз ва титрда ҳам ёзмаймиз”.

"Октябрь" кинотеатри фойесидаги Висоцкий автомобилининг кўчирма нусхаси


Фильм дастлаб “Қора одам” деб номланган ва унинг режиссёрлиги ҳамда сценарийси Игорь Волошинга тегишли бўлган. Кейин Бусловга топширилган. Суратга олиш ишлари 5 йил давом этган, гуруҳ аъзолари сони 850 нафарни ташкил этган. Фильмга 12 миллион (бошқа манбаларда 20 миллион) АҚШ доллари сарфланган.

Висоцкий образи юқори технологик пластик грим ва компьютер технологияси ёрдамида яратилган. Юзига махсус ишланган робот-ниқоб 6 ой мобайнида ясаб тугатилган. Безруковнинг грими эса кунига 4-6 соат вақтни олган ва яна 1,5 соат қайта гримлаш учун сарфланган. Сергей Безруков суратга олиш майдонидан гримда чиқиб кетган ва унинг чақирув қоғозида ўз фамилияси ўрнига “Висоцкий” деб ёзилган эди.

Ҳақиқатнинг афсонага айланиши...

— 24 июль куни... Унинг аҳволи ёмонлашди, тинмасдан хона бўйлаб юрар, юрагини чангаллаганча йўталарди. Ўша пайт у Нина Максимовна(Висоцкийнинг онаси)га қараб: “Она, бугун мен омонатимни топшираман..., — дея сўзлайди артистниг шахсий врачи Анатолий Федотов...

Марина Влади (француз актрисаси ва қўшиқчиси, Висоцкийнинг учинчи рафиқаси) ва Валерий Перевозчиков(артистнинг яқин дўсти)нинг тасдиғига кўра, Висоцкийни наркотиклар ўлдирди. Лекин бу ҳали ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда, чунки “дозанинг ошиши натижасида вафот этган” деб ҳали ҳеч ким ёзмаган. Висоцкий 1980 йил 25 июль куни Москвадаги уйида ухлаб ётган пайтида омонатини топширади.

Боя айтганимдек, ўлимининг сабаблари ҳақида аниқ бир нима дейиш қийин. Баъзилар асфиксия (нафас қисиши) деб ташхис қўйган бўлса, бошқаларнинг фикрига қараганда унда ўткир юрак инфаркти бўлган. Висоцкийнинг шахсий врачи, артистни 1979 йил 25 июль куни Бухорода маълум муддатли клиник ўлимдан асраб қолган доктор Анатолий Федотовнинг фикрича эса алкоголизм ва наркотиклар таъсирида у ўткир юрак инфарктидан вафот этган.

Висоцкийнинг ўғли — Никита Висоцкий, фильм сценарийси муаллифи 


Висоцкий Москвада XXII ёзги Олимпиада ўйинлари ўтаётган пайтда вафот этганди. Владимир Семёнович Висоцкий 1980 йил 28 июль куни Ваганьков қабристонига дафн этилган.

Висоцкийнинг ўлими ҳақида ҳеч қайси оммавий ахборот воситаси орқали расман батафсил маълумот берилмаган. Лекин театр кассаси пештоқига “Актёр Владимир Висоцкий вафот этди” ёзиб қўйилганди. Бирор одам сотиб олган чиптасини қайтариб бермаган, аксинча, бир муқаддас хотира сифатида ўзларида сақлаб қолганлар. Бунинг устига, у ишлаган Таганкадаги театр олдида ҳам бир неча кунгача жуда катта оломон тўпланиб турган (дафн маросимида Таганка майдонидан ортиб, унинг атрофидаги уйларнинг томлари ҳам одамлар билан тўлиб-тошган). Висоцкийни бутун Москва дафн этди, деса ҳам бўлади. Ҳали расмий хабар бўлмаса-да, стадионлар бўшаб қолган, ҳамма кўчага отилганди. Ўша пайтда автобусда Ваганьков томон кетаётган Марина Влади эрининг дўсти Вадим Тумановга қараб шундай деганди: “Вадим, мен қирол ва шаҳзодаларнинг дафн маросимларини кўрганман, лекин бунақасини кўрмагандим!..”

— Умуман уни дафн этишда менинг ҳам озроқ ҳиссам бўлган. Улар (яъни ҳукумат) тез ва тинчгина дафн этишни режалаштирганди. Чунки шаҳарда Олимпиада, етарлича кўнгилсизлик бўлиши мумкин эди. Менимча, уларнинг режаси Кремль ёнидан Ваганьковгача индамасдан бориш бўлган ва бунинг учун ҳатто туннель орқали йўлга тушишган. Лекин анча кеч бўлганди. Жуда иссиқ бўлганидан соябон тутган халқ гул кўтариб, кўчаларни тўлдира бошлаган эди. Мана шу катта оломон майдон бўйлаб бақиришга тушишганди: “Фашистлар! Фашистлар!” Бу саҳна эса дунёни эгаллаганди... — дея ҳикоя қилади россиялик таниқли театр режиссёри Юрий Любимов.

Афсонанинг ҳақиқатга айланиши...

Фильм яратилди, яна бир даҳонинг ҳаёти ҳам афсонага айланди. Энди у ҳақдаги барча гаплар афсонавий ҳақиқат сари эврила бошлайди. Яъни афсона йиллар ўтгани сари ҳақиқатга айланиб, биз билан яшай беради.

Висоцкийнинг ҳаёт йўлини ўзимизга ибрат қилиб олсак бўлади. Албатта, ижобий томонларини. Айниқса, санъаткорларимиз бундан ўрнак олса, нур устига нур. Висоцкий битта гитара орқали фақат жонли ижрожа қўшиқ айтган, концерт берган. Акустик гитара садоси, қўшиқ матни ва қўшиқчининг оҳанги бир жозибали куйни ташкил этган ва бу тарона барча дилларни бирдек хушнуд қилган.

Унинг дафн маросимига бежизга шунча одам келмаган. Бекорга “олимпиаданггаям” деб, стадионни ташлаб кетишмаган. У халқ меҳрини, муҳаббатини, қалбини забт этганди. Бизда шундайлар борми? Бўлган. Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов кабиларни халқ меҳрини қозонганлар сафига қўшса бўлади. Эшитганман, Охуннинг дафн маросимида ҳам кўчалар тўлиб-тошган ва у бунга арзирди ҳам.

Ҳурматли санъаткорларимиз! Висоцкийдан, айниқса, сизлар ўрнак олишингиз керак! Жонли ижрони, театр ва кинода роль ўйнашни, шеър ёзиш у ёқда турсин, шеърнинг нималигини билишни, англашни, умуман, жуда кўп жиҳатларни ўргансангиз бўлади. “Висоцкий. Ҳаётлигинг учун раҳмат” фильмини кўришни тавсия қиламан. Бунда бошқа бир маъно ҳам бор: “Висоцкий. Жонли ижро учун раҳмат”...

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!