"Вақт ўғрилари": банк тизими бир кунлик умримни қандай совургани ҳақида

Вақт энг қадрли нарса. Буни кўпчилик вақтида англамайди, англаганда кеч бўлади. Мен ҳам вақтимни қадрлайдиган бўлиб қолганман. Кутишни, айниқса, беҳуда ва мавҳум бир нимани кутишни азалдан ёқтирмайман.

Аммо Ўзбекистон банк тизимига иши тушгувчи ҳар қандай ўзбек сабрли бўлишга мажбур. Буни ўз бошимдан ўтказгач, билдим ва шундай системани ўйлаб топганларга "таҳсинлар" айтдим. Бугун ана шундай "вақт ўғрилари" ҳақида сўзламоқчиман.


Демак, мен Тўйтепа (ҳозирги Нурафшон) шаҳрида туриб, чет элдаги ўқишга пул тўлашим керак. Дейлик, оддий анкета хизмат ҳақини (30 доллар атрофида) ўша университет реквизитларига ўтказишга уриниб кўраман.

Нурафшон

Ўзсаноатқурилишбанк

Иш билан бўлиб Нурафшонга борганимда тўлов қилишга тўғри келиб қолди. Шаҳар марказида бир неча банк бор экан. Биринчи учрагани Ўзсаноатқурилишбанк бўлди. Соат ўнта кам тўққизда банк эшиги тагида эдим. Чунки тезроқ ишимни битириб, соат 11:00 даги таъзия ошига қайтишим керак.

Соат тўққиз бўлишини кутиб (1), кейин ичкари кирдим. Бир йигитча қарши олди. Мақсадимни айтгандим, ойнали девор ортида ўтирган қизга рўпара қилди. У қиз эса бундай масалага иши тушмаган шекилли, бошлиғини чақиришини ва менга кутиб туришни айтди.

Кенг йўлакдаги оромкурсига ўтириб, кутишни (2) бошладим. Ярим соатларда бошлиқ қулоғида телефон билан чиқиб келди. Унинг гаплашиб бўлишини кутдим (3). Ҳар тугул бўшади, мени эшитиб бўлгач, банк комиссиясини эслатди. Хуллас, 30 долларни чет элга ўтказишим учун Ўзсаноатқурилишбанк мендан деярли шунча миқдорда комиссия оларкан. Бирга бир. Рости, бунақасини кутмагандим. Чунки ёнимда бунақа ортиқча пул йўқ эди. Бошқа банкка боришга қарор қилдим.

Асакабанк

Соат 9:43. Ўзсаноатқурилишбанкдан сал нарида Асакабанк боракан. Кираверишдаги қизлар мени аввал валюта бўлимига, кейин бир бало операциялар бўлимига юборишди.  Ўша операциялар бўлимидаги бир опа менга чин дилдан ёрдам беришни истади (барака топсин). Йўлларини тушунтирди, комиссия уларда нисбатан арзонроқ экан, лекин SWIFT (банкирлар ва иши тушганлар тушунади) орқали тўлашда муаммо чиқди. Долларда тўлаганим у давлатнинг миллий валютасига конверт бўлмас экан, бундай бўлиши учун яна қўшимча кутиш (4) ва пул керак экан.

Хуллас, пул ўтказиш ҳаракати ўхшамади. Бояги опанинг маслаҳати билан 30 долларни ўша чет давлатдаги танишимга Western Union орқали юбориб, унга тўлаб қўйишни илтимос қилдим. Демак, энди мен 30 доллардан 60 долларни (аёлимга ҳам) юбориш учун қўшимча 15 доллар, умумий ҳисобда эса 75 доллар тўлашим керак.

Опа бир парча қоғозга ниманидир ёзиб берди. Валюта бўлимига бориб, тўлаб келишим керак. У ерда навбат жуда кўп, кутиш керак (5). Пластик картамдаги сўмдан пул ечдириб, 15 доллар чиқариб олдим. Қўлимда учта 20, битта 10 ва битта 5 долларлик купюралар бор. Тўловни қабул қилувчи қиз 20 талик пулларимни обдон текширди-да, "булар эски ва яроқсиз экан, олмайман", деди. Бу тўғри, анча йиллардан бери ётганди.

Унга вазиятни тушунтирдим, "банксизлар, эски бўлса, янгисига алмаштириб беринг", дедим. Бояги 15 доллар олган жойимда алмаштириш мумкинлиги, бунинг учун қўшимча тўлов қилишимни айтди. Рози бўлдим. Яна навбат кутдим (6). Лекин натижа кутганимга яраша бўлмади. Валюта айирбошлаш бўлимида эски долларни янгисига алмаштирадиган бир бало аппарати ишламаётган экан. Бошқа банкка боришимни айтишди.

Бу банкдаги бир ишим битиши учун бошқа банкка бориб, бошқа хизматни амалга оширишим керак, тасаввур қиляпсизми? Наилож, у банкдагиларгаям қайтадан тушунтириб, яна пул жўнатиш жараёнларини кутишни истамаганим учун фақат долларни алмаштиришга қарор қилдим.

Ипотекабанк

Соат 10:40 ларда Асакабанкдан чиқиб, йўлнинг нариги бетидаги Ипотекабанкка учдим. Валюта бўлимида одатдагидек навбат катта, кутдим (7). Галим келганда банкир қизга долларни янгисига алмаштиришим кераклигини тушунтирдим. У аввалига иккиланди, кейин қўшимча тўловини айтди. Ҳаммасига розиман, тезлашинг фақат, дедим. Жудаям "тез" жараён экан, иккита купюрани янгисига алмаштириш жараёнида тахминан 35 дақиқача вақт ўтди. Мендан кейин қанча одам келиб кетди, кутиб-кутиб (8).

Бўлар иш бўлди, таъзия ошига кечикдим. Соат 11:20 ларда Асакабанкка қайтдим, янги купюралар билан. У ердаги опанинг ёрдами билан ишим жадаллашди. 15 дақиқаларда битириб чиқиб кетдим. Таъзияга боргунимча соат 12 дан ошиб кетди.

Тошкент

Ипотекабанк

Бошқа кун. Яна бир карра банкка ишим тушди. Бу сафар ҳам худди шундай тўлов. Энди миқдори каттароқ фақат. Ипотекабанкнинг филиали уйимизга яқини эди. Тушдан кейин бордим. Масала шу бўлдики, мен долларда тўламоқчи бўлган пулим у давлатнинг валютасига автоматик конверт бўлиб тушмас экан (9). Доллар учун бошқа ҳисобрақамлар керак экан.

Трастбанк

У ердан чиқиб Трастбанк филиалига бордим. Улар менинг ишимни битириш мумкинлигини, фақат бунинг учун асосий офисга боришимни айтишди. Яъни "Рисовий"дан Ўрдага. Майли деб Туронбанкка кирдим.

Туронбанк

У катта филиал эди. Бунақа операцияларни бемалол бажариши керак эди. Аммо банкир қиз уларда бундай хизмат йўқлигини айтиб, қутулиб қўя қолди. Ишонч телефонига тел қилиб, бундай имконият борлигини билгач, яна кирдим. Бу сафар эса бошқача жавоб беришди: "Бизда комиссия жуда қиммат, давлат банкларига боринг, арзонроққа тушасиз".

Туркистонбанк

Бу банкда бундай операцияларнинг ўзи, яъни SWIFT хизмати йўқ экан. Буям осонгина қутулди. Хуллас, реквизитларни долларга, аниқроғи, Ўзбекистон банкларига мослаб (10) жўнатишларини сўрадим охири. Соат 16:30 ларда ишимни битиролмай, уйга қайтдим.

Марказий банк

Ў, Марказий банк алоҳида мавзу! Нега бундай деган саволга оддий фуқаро сифатида жавоб олиш учун сайтида берилган алоқа телефон рақамига (+998 71 212-62-05) ҳам, ишонч телефонига (+998 71 200-00-44) ҳам ҳарчанд уринмай, бир неча ўн марталаб қўнғироқ қилмай (11), боғлана олмадим. Энди менга ўхшаган одамлар қанча бўлса?


Бир пайтлар бир банкнинг ахборот хизматида ишлаган пайтимда Марказий банкдан кўп топшириқ ва огоҳлантиришлар келарди: сайтни тўлдир, боғланиш телефонлари, мурожаат тугмалари, алоқа воситалари бўлиши керак, деган маънода. Яна бошқа минглаб талаблари бор эди. Аммо ўзининг сайтида буларнинг ярми ҳам йўқ бўлган. Бугун билишимча, ҳозир-да вазият ўзгармаган.


Лекин Марказий банк бундай талабларни бажармаган банкларга отнинг калласидек жарима солишни қойиллатади! Текин пул кимга ёқмайди!

Ана шунақа, менинг бир кунлик умрим шундай зое кетган. Банк тизими яхши эмаслигини билардим, аммо бу қадар ёмонлиги хаёлимга келмаганди. Банк мижоз учун, трансформация, бало баттар деганлари шунчаки ҳавойи, баландпарвоз гаплар холос. Менинг бирорта банкка хусуматим йўқ, кўпларида танишларим, яқин дўстларим ишлайди. Эътирозим банк тизимига.

Охирги 4-5 йилни солиштириш одатига риоя қилган ҳолда айтишим мумкин, ҳалигача одамлар банкда сарсон, навбат катта, трансформация, онлайн хизматдан деярли асар йўқ. Менинг хулосам шу.

Comments

  1. Здравствуйте!
    Я являюсь представителем ЧАКБ "Turkiston", прочтя Вашу статью мы выявили что со стороны банка Вам были оказаны не качественные услуги. Исходя из этого, просим связаться с нами для уточнения подробностей, на основе которых будут предприняты меры и в будущем аналогичные ситуации исключены.

    Заранее приносим свои извинения за причинённые неудобства.

    Телефон для связи: 71 200 00 08 (соединить с Отделом маркетинга и связей с общественностью)

    ReplyDelete

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!