Ислом Каримов ҳақидаги «Мустақиллик меъмори» фильми кимга керак?

Ҳа, бугун Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг туғилган куни. Ҳа, бугун Ислом бобомиз 80 ёшга тўлган бўларди. Ҳа, бугун ўзбекнинг буюк фарзанди туғилган сана кенг нишонланди.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида у кишининг ҳайкаллари ўтган йили очилган эди. Бугун эса Қарши шаҳрида учинчи ҳайкал очилди, Самарқандда Ҳазрати Хизр мажмуаси тайёр ҳолда зиёрат учун фойдаланишга топширилди.

Умуман, кўп ишлар қилиняпти. Ислом Каримов хотираси учун эҳсон ошлари бериляпти. Яна бир муҳим иш — бобомиз ҳақида «Мустақиллик меъмори» номли ҳужжатли фильм суратга олинган, бугун барча телеканалларда намойиш этилиши айтилган эди. Лекин...

Мана шу лекин ўтган йили ҳам мақола ёзишга ундаган эди. Бир давлат мустақиллигининг асосчиси бўлган шахс миллат қаҳрамони аслида. Унинг таваллуд куни катта байрам сифатида эътиборга олиниши керак. Шундай ҳам бўляпти. Аммо чекка қишлоқларда у қадар нишонланмади-да. Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам.

Гап нима ҳақда? Гап чироқ ўчиши ҳақида. Ҳеч бўлмаса байрам куни чироқ ўчиришмаса бўлади-ку! Ё Ислом Каримовнинг ҳурмати йўқми? Ёхуд бу кун оддий халқ учун байрам сифатида ўтмайдими? Унда шунча тадбир ким учун? Хўжакўрсингами? Балки қандайдир ҳисоботлар учундир. «Мустақиллик меъмори» ҳужжатли фильми ким учун? Барча телеканалларда намойиш этилса-ю, уни чироқ ўчгани сабабли оддий халқ кўролмаса, кимга керак бунақа фильм? Ким учун ишланган ўзи?

Келинг, янада аввалроққа қайтамиз. «Xabar.uz» сайтида Мажбурий ижро бюроси директори билан суҳбат қилгандим. Қишлоқлардаги чироқ ўчирилишига қачон чек қўйилади, қарзи борлар ўчирилиб, қарздор бўлмаганларники ёқилса бўлмайдими, деб савол бергандим. МИБ бизга тегишли эмас бу савол, чироқ ўчириб-ёқиш билан «Ўзбекэнерго» шуғулланади, деб жавоб берган эди.

Кейин «Ўзбекэнерго»га хат қилдим. Худди шу саволни уларга йўлладим. Жамият бошқаруви раиси ўринбосари номидан жавоб хати келди. Қизиқ, жудаям қизиқ. Улар ҳам аравани қуруқ олиб қочиб, силлиқлаб, пардозлаб, бу борада «Ўзбекгидроэнерго»га мурожаат қилишимизни айтишган.

Кўряпсизми, муаммонинг илдизи қаерда? Сансалорликда! Хўш, ушбу ҳолатда оддий халқ тугул журналист кимга мурожаат қилсин, кимга иддао билан чиқсин, кимга муаммони ҳал этиш йўли ва ечимини кўрсатсин? Хуллас, бошини қайси деворга урсин?!

Хорижий киноларда кўп кўрганмиз, журналистнинг кетидан қолишмайди. Умуман репортёр халқи ҳаёти хавф остида қолади. Қайсидир мафия изига тушади ёки ҳукумат одами уни тинч қўймайди.

Бу ҳолат бизда ҳам бор. Майли, кетимизга тушсин, нимага буни ёздинг десин. Аксинча, хурсанд бўламан. Нега дейсизми? Ушбу мақола бирор марказий сайт ё нашрда эълон қилинмагунча бизникилар эътибор бермайди. То бирор сайтда чиқиб, шов-шув бўлиб, қайсидир амалдор ўқиб қолиб, у кейин пастдагиларнинг бошига урмагунча ҳеч ким журналистга дахл қилмайди.

Лекин шу даражага етиб келса, мухбирнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Ижтимоий тармоқлардаги нофаол депутатлар ҳақидаги мақолам бунга яққол мисол. Айрим депутатлар ҳатто чақимчилик ва гижгижлашга ўтиб, тазйиқ қилишгача боришди. Мана, бизда ҳақиқий журналистика! Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу соҳа вакиллари учун шунча куюниб гапиргани улар учун бир тийин!

Хуллас, бугун ёрилдим-да! Айбга буюрмайсизлар! Аслида фақат чироқ ўчиши ҳақида ёзмоқчи эдим. Нима қилай, бари бир-бирига боғлиқ экан. Майли, бу муаммони ҳал қилишни юқоридаги амалдорларнинг виждонига ҳавола этамиз.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!