Симпилислик отахон билан гигиена ҳақида суҳбат

Орадан шунча вақт ўтибди, Симпилисга бормай қўйибман. Иш кўпайиб кетди, деб овутаман-да ўзимни. Вақт йўқ, дейман. Барибир ўзимни алдайман. Мана, бугун насиб қилган экан, йўлга тушдим.


Ҳали тонг ёришмасдан йўлга чиққаним учун қишлоққа ярим соатга қолмай етиб бордим. Симпилисга кирганимда қуёш энди уйғонганди. Бир ёқда қушлар сайраса, бир ёнда мол-қўйлар овози, яна бошқа тарафда эса шошқин сой шалдираши қулоққа чалинади. Ҳавонинг тозалигига эса гап йўқ.

Отахоннинг уйига етиб борганимда дарвоза олдида турган экан. Салом бериб, қўш қўллаб кўришдим. У ичкарига таклиф қилмай, кўча бўйлаб юра бошлади.

– Келдингми, газитчи болам, – деди ота хотиржам қадам ташларкан, қўлларини белига қовуштириб. – Нега саҳарлаб чақирганимга ҳайрон бўлаётгандирсан?..

Очиғи, буни ўзим ҳам қандай сўрашни билмай тургандим. Кеча кимгадир телефон қилдириб, бугун эрталаб соат олтигача етиб келишимни айтганди. Сабабини келганимда биларканман.

– Сени ошга обораман, – деди отахон соқолини тутамлаб. – Нимага ошга оборишимни кейин тушунтираман. Фақат сен яхшилаб кузатгин, потом сўреман. Хўпми?

Рози бўлдим, бошқа чорам ҳам йўқ эди. Биз нариги маҳалладаги Нормат буванинг ошига кетаётган эканмиз. Бува неварасини уйлантираётган эди. Қишлоқда тўй қилиш ҳам осон, ҳам қийин, бунинг устига завқи ҳам бор. Қаранг, аввало, эрталаб тўйбоши элга ош беради. Тушга яқин хотинлар, шунингдек, тўйбошилар ва куёв боланинг ишхонаси, ҳамкасблари учун алоҳида дастурхон ёзилади, артис чақирилади. Жа унақа артисмас, шу қишлоқда хизмат кўрсатган отарчилардан-да. Кечга томон эса келин-куёв ва ёшлар учун базм, яъни тўйнинг асосий қисми бўлиб ўтади. Ҳар ҳолда Симпилисда шундай экан.

Кўзланган манзилга етиб бордик. Отахон четроқда туришимни, яхшилаб кузатишимни айтди. Маҳалла аҳли бирин-кетин тўйхонага – Нормат буванинг уйига келиб, пешвоз чиқувчилар билан салом-алик қилишар, қўл бериб кўришишар, орада айримлари қўйнидан тўёна чиқариб, тўйбошига тутқазар, кимлардир гилам, палос ёки қўй олиб келарди.

Сўнг тўпланган одамлар ичкарига таклиф қилинди, чунки уй олди тўлиб кетганди, яна келгувчилар учун жой бўшаши, қолаверса, ичкаридаги ош ҳам ейилиши керак эди. Дарвозанинг кираверишида икки томонда обдаста ва чилопчин тутган икки ўсмир йигит елкасида сочиқ билан меҳмонларни кутиб олишди. Ҳар бир меҳмон тўйхонага киришдан олдин қўлини ювиб, сочиққа артиб, йигитларни дуо қилишди.

Бу ҳолат анча давом этди. Мен кўчада турганим учун фақат шуни кўрдим, ичкарига охирида таклиф қилиндим. Кейин билсам, отахон атайлаб шундай қилган экан. Буни ўзи ошдан кейин айтиб берди.

– Бир куни Ташкенга бордим, дегин. Битта танишим чақировди, тўйга. Айланибам келдим-да. Шаҳар жа зўр бўп кетибди, ҳақиқий сталица. Кўчалар ёруғ, ҳар қадамда магазин, мошина, фонтан. Худди бугунгидақа ошга чақиришганди. Эрталаб еттига. Танишим билан бордик. Ҳамма бир-бири билан кўришган, саломлашган, табриклаган, тўёналар берган. Хуллас, соат етти бўлмагунча кириш мумкинмасакан, ташқарида анча вақт қолиб кетдик.

Униси майли, шаҳарчилик, тушунаман. Но менга битта нарсани изоҳлаб бер-чи: ош ейиш учун нимага ҳеч ким қўлини ювиб кирмади? Қўл ювадиган жой ёки сув қуядиган одам йўқ кираверишда. Почему? Ахир ҳамма бир-бири билан кўришган бўлса, ҳар хил тўёналар беришди, турли нарсаларни ушлашди. Гигиена деган тушунча қани? Шуми шаҳар деганинг? Шуми маданийлашган одамларинг? Ош емасдан чиқдим. Ўзимни қишлоғим минг марта яхши экан.

Отахон шу билан уйга етгунча миқ этмади. Мен ҳам, у ҳам хаёлларга чўмгандик. Бир-биримизга халал беришни истамасдик гўё. Лекин неваранинг ўқдек овози ўйларимизни тум-тарақай қилиб юборди. Отахон набирасини қучаркан, юзларидан ўпиб эркалади. Келинига чой дамлашни айтиб, мени ичкарига таклиф қилди.

– Битта чол гапирди-қўйди, кўнглингга ома, – деди ота чойни қайтараркан, менга жилмайиб. – Хўш, ўзингдан гапир, нима гаплар, какие новости?

– Бизда тинчлик, шаҳар ташвиши билан қишлоқ ташвиши анча фарқ қилади. Мана, биттасига ўзим гувоҳ бўлдим. Афсуски, гапларингиз ҳақиқат.

– Ҳа, тўғри бўлатта, – чол энди пиёладаги чойни сипқориб, носқовоғини олди-да, тилининг тагига нос отди. – Мана, масалан, сенларда глобал муаммо нима, айтеми? Қайсидир артис қайсидир артисга уйланди или эрга тегди. Ёки қайсидир вилоят ҳокими взятка билан қўлга тушди. Балки кимнингдир бойликлари ҳақида ёзиш ёқар сенларга! Чунки одамлар қизиқади, талаб қилади. Сенларда айб йўқ, талабга яраша ишлейсанлар.

Чол остонага бориб, бир четга оғзидаги носини туфлади ва чойдан ҳўплади. Кейин яна гапида давом этди:

– Масалан, тилизўрда қайсидир чиновник чиқволиб, биз бунча пул обкиряппиз ёки у давлат билан контракт туздик, деяпти. Бу шаҳарликлар учун қизиқдир балки, чунки улар ҳам шаҳарда туради. Лекин лично менга бир тийин. Қишлоқдагиларни бошқа муаммолар қизиқтиради. Например, газ ва свет, олдинам гаплашганмиз. Оддий халқ ичидаги проблемаларни кўтариб чиқишмеди. Ёки қўрқишади. Хуллас, машнақа гаплар.

Отахон билан шу ерда хайрлашдим. Чунки у етарлича муаммони айтиб бўлганди. Буёғига ўзимизга инсоф берсин.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!