Замонавий “домлалар”

(Бу ердаги жой номлари, исмлар ва айрим деталлар тўқима бўлиши мумкин)


Бир дўстим уйланадиган бўлди. Унинг никоҳини ўқитиш учун домлани мен гаплашдим. Келиннинг уйи Гуруч бозори тарафда жойлашгани учун ўша ердаги “Жўрабек” жоме масжидига бора қолдим. Ҳар ҳолда бу масжид ҳақида орқаваротдан яхши гапларни эшитгандим. Обрўси ҳавас қилгудек эди. Домлалари ҳам шу даражада бўлса керак, деб ўйлабман-да...

Хуллас, эрталабдан масжидга бордим. Бугун никоҳ ўқилиши керак. Домлага аввал телефон қилдим, тайёр бўлиб туриши учун. Етиб келгач, ўша обрўли масжид эшиги олдида бир алкаш думалаб ухлаб ётганини кўрдим. Ёнида уч-тўрт қоп ахлати ҳам бор. Бечорага масжиддагилар у-бу нарса деб қўяр, деган хаёлда турсам, бояги қори ака чиқиб, уни кўрдию: “Ҳа, яна ётибсанми?”, деса бўладими! Ғалати туюлди. Ўйлаб қолдим, масжид атрофига кимлар йиғилиши ё масжиднинг обрўсини белгилайди, ёки меъёрдан ортиқ демократлашиб, замонавийлашиб, худбинлашиб кетяпти бу замон.

Машинада кетарканмиз, домла гина қилиб қўйди:
— Айтган вақтизда келмадинглар. Мен яна қанча мижозлардан қуруқ қолдим. Бировнинг бизнесига халал бермаслик керак, — деди у машина орқа ўриндиғида қўлида “Айфон”ини айлантириб ўтираркан. Индамадим, кеч қолганимдан хижолат бўлдим.

Домла билан келинникига келдик. Яна бир-икки удумини қилишгач, никоҳга навбат берилди. Ана ўшанда домланинг “қизиқчилигига” ишона бошладим. Бисмиллони айтгач, қори ака келин-куёвга бироз ваъз ўқиган бўлди.

— Хўш, аввало, шуни айтиб кетай. Одатда келиндан уч марта сўралади, келин ҳам учинчи мартасида жавоб бериши керак. Лекин биз ундай қилмаймиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам “Мажбурламанглар, бир мартада рози бўлинглар”, деганлар.

Шу ерига келганда қотиб қолдим, “ёпирай!” деб юбордим ичимда. Кимнинг номидан гапираётганини ўзи тасаввур қилдимикан, англадимикан бу қори ака?! Хуллас, у қилди, бу қилди, никоҳни ҳам бир амаллаб ўқиди-да. Ҳолбуки, бизда (водийда) домлалар неча марта сўралиши ҳақида умуман оғиз очмасди.

Келин-куёвга рухсат берилгач, мен ҳам бироз куёв билан овора бўлиб қолдим. Ош тортилди, ширинликлар келтирилди. Орада қори акамизни унутибман-да. Бир пайт телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, ўша домла.

— Ҳа, Фахриддин ака, эшитаман, — дедим қўнғироққа жавоб берарканман.

— Ука, унақамас-да энди, кеч қолсезам, индамасдан келдим, мени анақа қиворинг-да, мижозларим кутиб қолишди. Яна нечтасига дам солишим керак ҳали, — деган гинали овоз келди телефондан.

Ташқарида “Айфон”ини қўлида ўйнатиб, бетоқат бўлиб турган экан. Келишган нархимиздаги пулни берсам, “яна қўшиб беринг, вақтимни олганинглар учун”, дейди. Наилож рози қилдим, бизда инсоф бор. Лекин водийда никоҳ ўқиб бўлган домлалар уйни жимгина тарк этади. Ҳеч нима сўрамайди. Уй эгаси ортидан қувиб етиб, уни рози қилади. “Тошкентлик” қори акаларга тушунмадим. Ё пойтахт бўлгани учун улар ҳам замонга мослашишармикан?!

Заҳириддин,

Comments

  1. This comment has been removed by a blog administrator.

    ReplyDelete

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!